Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш тўхтатилди
Ўзбекистонда 11 июлдан бошлаб халқаро инглиз тили бўйича IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш амалиёти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда IDP ташкилоти расмий саҳифасида маълум қилинди.
Бу чора имтиҳон жавобларининг интернетда тарқалиши билан боғлиқ хавфсизлик сабаблари туфайли жорий этилган. Эндиликда имтиҳонлар фақат компьютер орқали топширилади.
Қайд қилинишича, қоғоз шаклидаги тестлар операцион сабабларга кўра бекор қилинган. Қоғозда рўйхатдан ўтган абитуриентлар имтиҳонни компьютерда топширишга бепул ўтишлари ёки тўловни тўлиқ қайтариб олишлари мумкин. Бунда номзодлар IDPънинг расмий Telegram ботлари орқали ариза топширишлари ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхасини илова қилишлари талаб этилади.
British Council орқали рўйхатдан ўтганлар эса 31 июлга қадар ўз қарорларини расмий электрон почта манзили орқали билдиришлари керак бўлади.
Компьютерда ўтказиладиган IELTS имтиҳони формати ўзгаришсиз қолади: Reading, Writing ва Listening бўлимлари компьютерда, Speaking бўлими эса анъанавий – суҳбат шаклида ўтказилади. Бундай шаклда тест натижалари одатда 1–5 иш куни ичида эълон қилинади. Қоғоз шаклидаги тестларда эса бу муддат 13 кунгача давом этарди.
Айни пайтда IELTS имтиҳонини IDP орқали Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Бухорода (нархи $190), British Council орқали эса яна 12 та шаҳарда (нархи 2 млн 639 минг сўм) топшириш мумкин.
Мутасаддилар имтиҳон хавфсизлигини таъминлаш, адолатли баҳолаш тизимини сақлаб қолиш ва халқаро стандартларга мос жараённи кафолатлаш учун бу ўзгаришлар зарур эканини таъкидламоқда.