Ўзбекистон Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар фаолияти тугатилади

Соҳада ижодий эркинликни ривожлантириш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида уларнинг фаолияти тўлиқ тугатилади.

Республика кинематография комиссияси, Миллий ҳамда Бадиий кенгашлар тугатилади, дея маълум қилди Президент Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, шу йилнинг 1-сентябридан давлат буюртмаси асосида кино яратишда тарғибот ва реклама харажати учун фильм бюджетининг 30% маблағ ажратилади, харид шартномаларини экспертизадан ўтказиш талаби бекор қилинади.

Шунингдек, хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулот яратиш билан боғлиқ фаолияти солиқлардан озод қилинади. Давлат буюртмаси асосида яратилган фильмлар намойишидан тушган маблағнинг 50% продюсер ва ижодий гуруҳга қўшимча рағбат сифатида берилади.

Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиладиган «Олтин ҳумо» миллий кино тақдимотининг нуфузини янги босқичга кўтариш мақсадида ҳар йили 5 миллиард сўмдан ажратилади.

Шу билан бирга Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар ҳалигача эскича бошқарув ва самарасиз назорат тизимидан воз кеча олмаётгани қайд этилди.

Шу боис, соҳада ижодий эркинлик ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ушбу комиссия ва кенгашлар фаолияти бутунлай тугатилади. Энди кинонинг ҳар бир жанри ва мавзусидан келиб чиқиб, ўша соҳа мутахассисларидан иборат ҳақ тўланадиган эксперт гуруҳлари ташкил қилинади. Бунда Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Бастакорлар уюшмаси томонидан тавсия этилган мутахассислар эксперт гуруҳлари таркибига киритилади, — дейилади хабарда.

Мутасаддиларга кино соҳасида замонавий ва шаффоф тизимни йўлга қўйиш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Ўзбекистон