АҚШда миллиардер Илон Маск судга берилди
АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) Илон Маскни 2022 йилда Twitter’нинг катта улушини сотиб олганини кеч ошкор қилгани учун судга берди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Миллиардер қимматли қоғозлар бўйича федерал қонунни бузгани айтилмоқда. Чунки у Twitter акцияларининг дастлабки 5 фоизини сотиб олганини эълон қилишни 11 кунга кечиктирган. SEC қоидаларига кўра, инвесторлар 10 календарь кун ичида 5 фоиз акцияга эгалик қилиш чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар бериши шарт. Маск учун бу муддат 2022 йил 24 мартда тугаган.
Миллиардер 2022 йил 4 апрелгача ўз харидлари ҳақида хабар бермаган, бу пайтда у компания акцияларининг 9,2 фоизига эгалик қилганди. SEC шу вақт оралиғида у Twitter акцияларини сунъий равишда пасайтирилган нархларда 500 миллион доллардан ортиққа сотиб олгани, бу эса бошқа инвесторларга зарар келтирганини айтди.
Унинг улуши ҳақидаги маълумот ошкор қилингандан сўнг Twitter акциялари нархи 27 фоиздан кўпроққа ошди.
SEC Маскдан жарима тўлашни ва ноқонуний йўл билан олган даромадларини қайтаришни талаб қилмоқда.