Бухорода профилактика инспектори ўзини дарёга ташлаган тўрт нафар боланинг онасини қутқариб қолди
Бухоро вилояти Вобкент туманида профилактика инспектори дарёга ўзини ташлаган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса 29 январь куни соат 16:30 ларда ушбу туман марказидан оқиб ўтувчи дарё қирғоғида содир бўлган. Хусусан, ёш аёл ўзини оқими тез, суви муздек дарёга ташлаган.
Айнан шу пайтда хизмат вазифасини ўтаётган профилактика инспектори, капитан Расулов Амрилло Темир ўғли ушбу воқеага гувоҳ бўлиб қолади.
Шундан сўнг капитан А. Расулов ўзини сувга ташлайди ва аёлни қирғоққа олиб чиқади. Маълум бўлишича, асли Ғиждувон туманидан бўлган, ҳали 30 ёшни ҳам қаршиламаган бу аёл тўрт нафар фарзанднинг онаси экан.
Зудлик билан чақирилган тез тиббий ёрдам ходимлари ва ИИБ ходимлари томонидан аёл туман шифохонасига етказилди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг ҳаёти сақлаб қолинди, — дейилади хабарда.
Ўз жонини гаровга тикиб, ўзгалар ҳаётини сақлаб қолган капитан Амрилло Расуловнинг бу ҳаракати, ҳақиқий мардлик ва касбга садоқат намунаси эканлиги билдирилди.





