Андижон ва Сурхондарёда солиқ бошқармаси ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Андижон ва Сурхондарёда икки солиқ инспектори пора олаётганида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Андижон ва Сурхондарё вилоятларида солиқ бошқармаларининг икки бош инспектори пора олаётган пайтда қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Андижон вилояти Солиқ бошқармаси Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори бир масъул ходим ёрдамида Олтиариқ туманида фаолият юритувчи МЧЖга солиқ текширувини ўтказмаслик эвазига $3 минг талаб қилган. У аввалдан $500 доллар олган, қолган $2,5 мингни олаётганида ашёвий далиллар билан ушланган.
Сурхондарё вилоятида эса Солиқ бошқармаси Солиқ органлари фаолияти устидан назорат қилиш бўлими бош инспектори Жарқўрғон туманида савдо билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбарини текширув билан қўрқитиб, $2,5 минг олаётганида қўлга олинган.
Ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.