Чиқинди хизматидан қарздорларга электр тўловини чеклашда техник муаммолар юзага чиқди
1 августдан Ўзбекистонда чиқинди хизматларидан қарздорлар электр энергияси учун тўлов қилолмаслиги мумкин. Сенат бу тартибни жорий этишда бир қатор муаммолар борлигини маълум қилди.
Қонунга мувофиқ, агар фуқаро чиқинди хизмати бўйича қарздор бўлса, унга SMS орқали огоҳлантириш юборилади. Огоҳлантирилгандан кейин 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, истеъмолчининг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинча тўхтатилади.
Бироқ сенаторлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг мобил иловаси орқали чиқинди хизматидан қарздорлик ҳақида маълумотлар акс этмаётганини, «Тоза макон» ва HET Billing тизимлари ўртасида интеграция тўлиқ йўлга қўйилмаганини таъкидлади.
Шунингдек, айрим истеъмолчиларнинг чиқинди хизмати билан шартномаси йўқлиги ва абонент рақамларидаги аниқликлар етишмаслиги жамоатчиликда норозиликка сабаб бўлмоқда.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси Экология вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигидан юзага келаётган муаммолар бўйича аниқ маълумотлар тақдим этишни ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишни сўради.