Ўзбекистонда ипотека субсидиялари сони 1,5 баробарга оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантириш мақсадида фармон имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Ҳужжатда 2025 йилда бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари белгиланган. Уларга қуйидагилар киради:
— ҳудудларда умумий майдони 8,1 миллион квадрат метр бўлган 135 минг хонадонли уй-жойлар қуриш;
— ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар миқдорини 1,5 бараварга кўпайтириш ҳамда бу мақсадлар учун давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм ажратиш;
— уй-жой ва ипотека бозорларини молиявий ресурслар билан таъминлаш мақсадида 20,9 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратиш;
— «Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойлар қурилишида иштирок этаётган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун давлат бюджети маблағларидан 700 миллиард сўм ва тижорат банкларининг ўз маблағларидан 3 триллион сўм йўналтириш.
2025 йил 1 мартдан бошлаб «Янги Ўзбекистон» массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ танланади.