Шавкат Мирзиёев 2026-йилнинг иқтисодий кўрсаткичлар прогнозини кўриб чиқди
Президент Шавкат Мирзиёевга 2026-йилнинг биринчи чорагида иқтисодий кўрсаткичлар прогнозини таъминлаш ҳамда жаҳон бозоридаги беқарор вазиятнинг миллий иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш юзасидан ахборот берилди.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи икки ойида саноат 7,7%, хизматлар 15,4% ўсгани, 3,5 млрд долларлик экспорт амалга оширилгани ва 8,3 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилингани таъкидланди. Йил бошидан 9 та вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга республика бюджетидан қўшимча 2,3 трлн сўм ва 500 млн доллар маблағ йўналтирилган.
Шунингдек, йил якунига қадар гавжум кўчалар, соҳилбўйи ва йўлбўйи инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун жами 1,2 трлн сўм, туризм салоҳияти юқори бўлган 150 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 450 млрд сўм, 400 та маҳаллада 50 та микросаноат марказларини ташкил қилиш учун 150 млрд сўм маблағ йўналтирилади.

Шу билан бирга, қисқа вақт ичида дунёдаги вазият кескин ўзгариб, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлиги, ташқи савдо йўлаклари ва импорт нархларига қўшимча босим юзага келтираётгани таъкидланди. Бундай шароитда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари вазиятни олдиндан баҳолаб, турли сценарийлар асосида проактив ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Инфляцияни жорий йилда 6-6,5 фоиз доирасида сақлаб қолиш энг муҳим вазифалардан бири эканига алоҳида эътибор қаратилди. Жаҳон бозорида нефть нархининг кескин қимматлаши транспорт ва нефть-кимё маҳсулотлари таннархига таъсир кўрсатаётгани, полиэтилен ва полипропилен нархларида ҳам ўсиш кузатилаётгани айтилди.
Шу боис, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг импорти, транспорт-логистика масалалари ва муқобил йўлаклардан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўриш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, тадбиркорларнинг хомашё, бозор ва кредит билан боғлиқ муаммоларини ҳозирдан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.

Хорижий инвестициялар масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Таҳликали халқаро вазият айрим лойиҳалар ижросига таъсир кўрсатиши мумкинлиги билдирилди. Шу муносабат билан амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳани мунтазам таҳлил қилиб бориш ва инвесторлар билан кунлик мулоқот ўрнатиш вазифаси белгиланди.
Давлат раҳбари жорий рақамлар ижобий бўлишига қарамасдан, ҳеч бир раҳбар хотиржамликка берилиши мумкин эмаслигини таъкидлади. Ҳозирги мураккаб вазиятда хавф-хатарларни олдиндан кўра билиш, уларни юмшатиш бўйича аниқ режалар билан ишлаш, тармоқлар ва ҳудудларда муаммоларни кутиб ўтирмасдан, уларга тезкор ечим топиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди, — дейилади хабарда.
Масъулларга инфляцияни жиловлаш, саноат ва экспорт кўрсаткичларини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, банк тизими ва қурилиш дастурларидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.





