Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологиялар жорий этилади
14 октябрь куни «2024–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент Фармон имзолади. Бу ҳақида Ҳуқуқий ахборот Тelegram канали хабар берди.
Фармонга кўра, 2024–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича самарадорликни ошириш учун қуйидагилар давлат космик мониторингининг йўналишлари этиб белгиланди:
• ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва бундай ер участкаларида бино ва иншоотлар қурилиши ҳолатларини аниқлаш;
• ўрмон билан қопланган майдонларнинг чегараларини белгилаш ва уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш;
• геология соҳасида ер қаъридан ўзбошимчалик билан фоданиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш;
• мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш ҳолатларини, янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш;
• сув омборларининг лойқа оқизиқлар билан тўлиб боришини, сув сатҳи режимини мониторинг қилиш;
• қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланилишини ўрганиш, экинларнинг турлари ҳамда сув истеъмоли ҳажмларини аниқлаш.
2025 йил 1 мартдан ер қаъридан фойдаланиш бўйича масофавий мониторинг ва риск-таҳлил “Геомониторинг” ахборот тизими ҳамда SGM платформаси орқали амалга оширилади.