Ироқда савдо марказидаги ёнғин оқибатида 60 киши ҳалок бўлди

Ироқнинг Ал-Қут шаҳрида беш қаватли савдо марказида юз берган ёнғин оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда манбаларга таяниб BBC хабар берди.

Ёнғин 17 июль куни кечаси, очилганига атиги бир ҳафта бўлган Corniche Hypermarket савдо марказида содир бўлган. Давлат ва маҳаллий ОАВларга кўра, ёнғин вақтида бир нечта кишилар томдан қутқарилган, аммо 61 нафар фуқаро, жумладан, 14 нафар таниб бўлмас даражада куйган жасадлар топилган.

Ички ишлар вазирлиги баёнотида ҳалок бўлганларнинг аксарияти ҳожатхоналарда димиқиб вафот этгани, яна 45 нафар фуқаро қутқариб қолингани билдирилган. Айрим видеоларда олов бинонинг бир неча қаватини қамраб олгани ва одамлар томда ёрдам кутаётгани акс этган.

Вилоят губернатори Муҳаммад ал-Мияҳий фожиани «катта фалокат» дея атаб, савдо маркази эгасига нисбатан қонуний чора кўрилишини, вилоятда уч кунлик мотам эълон қилинганини маълум қилди.

Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ас-Судани ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдириб, ёнғин сабаблари юзасидан зудлик билан тергов бошланганини, келгусида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун қатъий чоралар кўрилишини билдирди. Ёнғиннинг аниқланган дастлабки сабаби — савдо марказидаги кондиционер портлаши бўлган.

Мутасаддилар Ироқда хавфсизлик стандартларига риоя қилинмаслиги ва коррупция сабаб шундай ҳодисалар содир бўлаётганини қайд этмоқда.

Жаҳон