Ўзбекистонда ис гази билан боғлиқ ҳолатларда вафот этганлар сони очиқланди

Ўзбекистонда 2024 йил бошидан газ билан боғлиқ ҳолатлар сабаб 82 киши вафот этди. Бу ҳақида АОКАда ўтказилган брифингда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарма бошлиғи Абдусаттор Қаюмов маълумот берди.

Унга кўра, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар Республика бўйича газ билан боғлиқ жами 74 та ҳолат содир бўлди. Бунинг оқибатида вафот этган фуқаролардан ташқари 80 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди.

Айрим ҳолатларда эса дудбурон носозлиги оқибатида оиланинг барча аъзолари ис газидан захарланиб, вафот этди.

Афсуски айрим фуқароларнинг қоидаларни билмасликлари, унутиб қўйишлари, менсимасликлари ёки эътиборсизликлари бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқармоқда, дейди Абдусаттор Қаюмов.

Газ билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар сони 2023 йилнинг шу даври билан таққослаганда нисбатан камайган. Ўтган йили газ билан боғлиқ жами 86 та ҳолат содир бўлган. Бунинг оқибатида 88 киши вафот этган, 119 нафари турли даражадаги тан жароҳатлар олган.

Ўзбекистон