Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаш учун 2 та алоҳида дастур ишга туширилади
Ўзбекистонда ўқишга кира олмаган мактаб битирувчилари ҳамда техникум ва олийгоҳларни тамомлаётган талабаларни банд қилиш бўйича икки алоҳида дастур қабул қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Қайд қилинишича, мазкур мақсадлар учун Алоқабанк ва Миллий банкка жами 300 млн доллар маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан «Ёшлар бизнеси» дастури доирасида 100 минг нафар ёш, «Келажакга қадам» дастури орқали эса 140 минг нафар олий таълим муассасаси битирувчиси даромадли иш билан таъминланади.
Шунингдек, Бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Миллий банк ҳамкорлигида олийгоҳ, техникум ва касб-ҳунар таълими битирувчиларини иш берувчилар билан боғлайдиган электрон платформа ишга туширилади.
Бундан ташқари, Бандлик, Мактаб ва Олий таълим вазирликлари томонидан яратиладиган «Ҳаракатда даромад» тизими орқали таътилда бўлган 3 млн нафар ёшларни малака талаб қилмайдиган ишлар билан банд қилиш режалаштирилган.
Юқори синф ўқувчиларини касб танлашга йўналтириш мақсадида эса ҳар йили «Менинг касбим» номли республика танлови ўтказилиши белгиланган.