Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 17,2% га ошгани маълум қилинди
2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 5 миллион 982,3 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 17,2% га ошган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 10,1 млн сўм. Кейинги ўринларда Навоий (7,5 млн), Тошкент вилояти (5,7 млн), Андижон (4,9 млн) ва Бухоро (4,8 млн) вилоятлари туради. Энг паст кўрсаткич эса Наманган, Сурхондарё (4,3 млн) ва Қашқадарё (4,1 млн) вилоятларида қайд этилган.
Энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳри (18,8%), Сирдарё (18%), Жиззах (17%), Фарғона (16,9%), Наманган (16,6%) ва Сурхондарё (16,1%) вилоятларида кузатилган.
Соҳа бўйича эса энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи қуйидаги йўналишларда тўланган:
• банк, суғурта, лизинг ва кредит фаолияти — 16,2 млн сўм;
• aхборот ва алоқа — 14,8 млн сўм;
• ташиш ва сақлаш — 9 млн сўм;
• cаноат — 7,2 млн сўм.
Энг юқори ўсиш суръати санъат, кўнгилочар ва дам олиш соҳасида қайд этилиб, иш ҳақи 20,7% га ошиб, 5 млн сўмга етган.
Таълим соҳасида иш ҳақи 4 млн 141,8 минг сўмни ташкил этиб, 18,3% га, ахборот ва алоқа йўналишида 14,7 млн сўмни ташкил этиб, 17% га, ташиш ва сақлашда эса 9 млн сўмни ташкил этиб, 16% га ошган.
Шунга қарамай, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари энг паст ўртача иш ҳақи тўланадиган соҳалар қаторида қолмоқда.