Сурхондарёда ҳакамлик судининг кадрлар бошлиғи $1 минг пора билан ушланди
Сурхондарё вилояти Медиация ва юридик маслаҳатлар ҳузуридаги ҳакамлик судининг кадрлар бўлими бошлиғи пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, кадрлар бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали вилоят Божхона бошқармасига назоратчи вазифасига ишга жойлаштириш ваъдасини беради.
Ушбу хизмати учун мансабдор шахс 1000 АҚШ доллари талаб қилади. Ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.