Президент Наманганда натижадорликни янада ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Уйчи туманида Наманган вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Аниқланишича, худудда амалга оширилган салмоқли ишлар иқтисодиёт ривожи ва аҳоли фаровонлигида намоён бўлмоқда. Сўнгги саккиз йилда вилоятга 7 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилган, 8 мингга яқин янги корхона ишга тушган. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2 карра кўпайиб, 1 мингдан ошган.

Йиғилишда бу суръатни давом эттириб, натижадорликни янада ошириш имкониятлари таҳлил қилинди. Хусусан, йил якунигача 4 миллиард 200 миллион доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг одамни ишли қилиш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қайд этилди.

Давлат раҳбари маҳаллаларни обод қилиш бўйича муҳим ташаббусни илгари сурди. Унга кўра, юртимизда «Тараққиёт ва етакчилик маскани» дастури амалга оширилади. Ушбу дастурга Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги 4 тадан, қолган ҳудудлардаги 2 тадан туман, шунингдек, республика бўйича энг «оғир» 328 та маҳалла киритилади.

Қайд этилишича, қиска вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайган. Тадбиркорлик лойиҳалари кўпайгани, ўртача ойлик 4,5 миллион сўмга етгани ҳисобига икки йилда миграциядаги 62 минг одам қайтган.

Ислоҳотлар штабига вилоятдаги хушманзара жойлар бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига кейинги йилда 50 минг одамни ишли ва даромадли қилиш топширилди. Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтган дарё ва сой ўзанларининг 40 километр қисмида ҳам 650 та сервис объектини қуриб, 10 минг одамни даромадли қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунга мос равишда туризм инфратузилмасини ҳам ривожлантириш керак. Лекин Намангандаги энг жозибали ҳудудлардан бири – Чортоқ тумани имкониятлари тўлиқ ишга солинмаяпти. Туристлар учун онлайн маълумот олиш, жойни олдиндан банд қилиш, маданий ҳордиқ чиқариш каби оддий хизматлар ҳам йўлга қўйилмаган, — деб билдирилди.

Шунингдек, президент ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларини вилоят маркази ва бошқа туманлар билан боғловчи асосий йўл тирбанд бўлиб келаётган эди. Шу боис, 63 миллиард сўм ҳисобига Норин дарёси устидан 480 метр узунликдаги янги кўприк қурилмоқда.

Шунингдек, Қорадарё устидаги 63 йил олдин қурилган Наманган ва Андижон вилоятларини боғловчи 180 метрли эски кўприкни реконструкция қилиш бошланди. Бунинг натижасида транспорт қатнови 2 баробар ошади, йўлга кетадиган вақт 1,5 карра қисқариб, тирбандлик камаяди. Ушбу кўприклар келгуси йилда ишга туширилади.

Вилоятдаги 30 та маҳаллага марказлашган ичимлик сув етиб бормагани, тармоқларнинг 21 фоизи таъмирталаб экани кўрсатиб ўтилди. Канализация билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам мурожаатлар кўп.

Шунинг учун бу йил вилоятда сув тизимини яхшилашга 800 миллиард сўм ажратилди. Мутасаддиларга йил якунигача 130 километр сув ва канализация тармоғи, 11 та сув иншооти қурилишини якунлаб, фойдаланишга топшириш вазифа қилиб қўйилди.

Бугун сизлар билан шаҳар ва туманларни ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш бўйича янги марраларни белгилаб олдик. Агар бир бирлашсак, бундан ҳам катта натижаларга эриша оламиз. Ишнинг кўзини биладиган, тадбиркор ва меҳнатсевар  наманганликлар билан вилоятни юртимизнинг энг обод ва фаровон ҳудудиларидан бирига айлантирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда белгиланган вазифалар бўйича ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари ахборот берди, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари билан мулоқот бўлди.

Ўзбекистон