Тошкентда 18 мартдан иситиш мавсуми якунланади
18 мартдан Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми якунланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, иситиш мавсуми ўртача суткалик ҳаво ҳарорати +8 даражадан юқори бўлган 5 кунлик давр тугаган кундан кейинги кундан тамомланади.
Сўнгги ҳафта давомида Тошкентда кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +18−19 ва ундан юқори, кечалари эса +8 даражадан пастга тушмаяпти. Гидрометеорология марказининг прогнозига кўра, яқин 5 кун ичида кундузги ҳаво ҳарорати +20−22, кечаси эса +10 даражадан юқори бўлади.
Айни пайтнинг ўзида ҳам пойтахтда ўртача суткалик ҳарорат +12−13 даражадан ошган, бу иситиш мавсумини якунлаш учун белгиланган меъёрларга мос келади, дейилади хабарда.
Шунга кўра, 2024−2025 йиллардаги иситиш мавсуми жорий йилнинг 18 мартидан бошлаб якунланади.