Ўзбекистонда жинсини ўзгартирганлар исм-фамилиясини ҳам ўзгартира олади
Ўзбекистонда жинсини ўзгартирган фуқаролар эндиликда исм-фамилияларини ҳам расмий равишда ўзгартира олади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори билан белгиланди.
Янги тартибга кўра, 18 ёшга тўлган ва вояга етмаган фарзандлари бўлмаган фуқаролар исм-шарифини ўзгартириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда мурожаат қилишлари мумкин.
Исм, фамилия ва отасининг исмини ўзгартириш ҳолатлари қуйидаги асослар билан кўриб чиқилади:
• суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида;
• агар исм ёки фамилия эшитилиши жиҳатидан ёқимсиз бўлса;
• исм-фамилия шахснинг миллатига тўғри келмаса;
• никоҳгача бўлган фамилияни тиклаш истагида;
• оила аъзолари билан бир хил фамилия бўлиш истагида;
• жинс ўзгартирилганда (соғлиқни сақлаш муассасасидан тегишли тиббий хулоса талаб этилади);
• 16 ёшга тўлган шахсга нисбатан оталикни белгилашда.
Аввалроқ жинсни ўзгартирган шахсларга фақат туғилганлик, никоҳ, ўлим ва бошқа далолатнома гувоҳномаларига тегишли тузатишлар киритиш рухсат этилган эди. Исм ва фамилия эса фақат «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган тарихий ёки миллий асослар билан алмаштирилиши мумкин бўлган.