Ҳаво ҳужумлари оқибатида Исроилда камида 24 киши, Эронда 224 киши ҳалок бўлди

16 июнь тонгида Эрон томонидан Исроилнинг Тел-Авив ва Ҳайфа шаҳарларига ракета ҳужумлари амалга оширилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Ҳужум оқибатида камида 8 киши ҳалок бўлган, юздан ортиқ одам тан жароҳати олган.

Исроил Мудофаа вазири Эрон пойтахти Теҳрон аҳолиси «яқин орада жавоб учун бадал тўлаши»ни маълум қилган. Исроил армияси Эроннинг йирик разведка амалдорларидан тўрт нафарини, жумладан, Эрон Инқилобий гвардияси разведка бошлиғини нишонга олганини билдирган.

Расмийларга кўра, Эрон томонидан 100 дан ортиқ ракета отилиб, шундан еттитаси Исроил ҳудудига етиб борган. Исроил ҳаво кучлари Эрон ракета қурилмаларининг учдан бир қисмини йўқ қилганини билдирди. Тел-Авивда АҚШ элчихонаси яқинидаги турар жой бинолари зарар кўрган, бироқ дипломатлар орасида талафот қайд этилмаган.

Эрон эса ўз навбатида, мамлакат ичида Исроилга алоқадор жосуслар ва саботажчилар қўлга олинганини маълум қилган. Ҳужумлар фонида Эрон парламенти Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиқиш бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Хабарларга кўра, ракета ҳужумлари бошлангандан бери Исроилда 24 киши ҳалок бўлган, Эрон томонда эса қурбонлар сони 224 кишига етган. Уларнинг 90% и оддий фуқаролар экани маълум қилинган.

 

Жаҳон