Исроил ҲАМАСга қарши янги стратегияни амалга оширмоқчи

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва унинг маслаҳатчилари ҲАМАС ҳаракатини ҳарбий йўл билан тўлиқ мағлуб этиш мумкин деб ҳисоблашмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар берди.

Манбаларга кўра, Нетаньяху ва унинг атрофидаги юқори лавозимли шахслар Ғазонинг бир қисмини эгаллаб туриш орқали ҲАМАСни йўқ қилиш мумкинлигини таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрича, аввал жанговар ҳаракатлар орқали ғалабага эришиш керак, шундан сўнг Ғазо келажаги бўйича сиёсий қарорлар қабул қилиш мумкин.

Исроил ҳукумати ҲАМАС таъсирини чеклаш учун Ғазода янги маъмурият шакллантириш лозим деб ҳисоблайди. Лекин бу борада мамлакат ичида келишмовчиликлар бор. Жамоатчилик сўровлари кўрсатганидек, аксарият исроилликлар, ҳатто ўнг сиёсий қарашдаги сайловчилар ҳам, жанговар ҳаракатлар тугатилиши ва гаровдагилар озод этилиши керак деб ҳисоблайди.

Охирги ҳафталарда Исроил ҲАМАСга қарши зарбаларни кучайтирди ва Ғазода янги қуруқлик амалиётини бошлади.

Жаҳон