Исроил Ямандаги портлар ва электр станциясига ҳужум қилди
Исроил армияси Ямандаги Ҳуси гуруҳининг назоратидаги ҳудудларда жойлашган учта порт ва электр станциясига авиазарбалар берди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Маълумотларга кўра, Исроилнинг ҳужумлари Ҳодейда, Рас-Иса ва ас-Салиф портларига, шунингдек, Рас Катҳибдаги электр станциясига қаратилган. Исроил армияси, шунингдек, Ҳуси томонидан эгаллаб олинган Galaxy Leader кемасидаги радар тизимини ҳам нишонга олганини маълум қилган.
Исроил томони бу зарбалар эрта тонгда Ҳусийлар томонидан Исроилга қарата учирилган ракетага жавобан амалга оширилганини билдирди. Кейинчалик Ҳусий кучлари ҳам Исроил ҳудудига яна ракеталар учиргани, уларнинг баъзилари Қуддус, Хеврон ва Ўлик денгиз яқинида огоҳлантириш сигналларини ишга туширгани айтилмоқда. Ҳозирча ҳодиса оқибатида қурбонлар ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Ҳусийлар аввалроқ Исроилга қарши ҳужумларини Ғазо секторидаги фаластинликларга нисбатан давом этаётган ҳарбий ҳаракатларга жавоб тариқасида амалга оширишаётганини билдирган. 2023 йилдан бери улар Исроилга юзлаб ракеталар учирган ва Қизил денгиздаги савдо кемаларига 100 дан ортиқ ҳужум уюштирган. Январда Ғазо бўйича сулҳ эълон қилингач, Ҳусийлар ҳужумларини вақтинча тўхтатганди. Бироқ март ойида АҚШ томонидан Яманга уюштирилган авиазарбалар натижасида улар яна ҳужумларни бошлади.
Ямандаги Ҳусий матбуоти — Al Masirah телеканали ва Saba агентлиги — Исроил ҳужумлари тасдиқланганини билдирди. Ҳусий вакили Амеэн Ҳайян Яменийнинг сўзларига кўра, гуруҳ ҳаво мудофаа кучлари орқали «кўплаб» Исроил ҳарбий самолётларини орқага қайтаришга муваффақ бўлган.
Al Jazeera мухбири Набил Алёусефи хабар беришича, Ҳусийлар зарбалар оқибатида жиддий зарар йўқлигини билдирган ва келгусида бўлиши мумкин бўлган ҳужумларга қарши тайёрликларини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Исроил ҳарбийлари Ливан жанубидаги Ҳизбуллоҳга тегишли объектларга ҳам ҳаво ҳужумлари уюштиргани билдирилган. Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар билан бир қаторда, сўнгги йилларда Ғарбий Соҳил, Сурия ва Эрондаги нишонларга ҳам зарбалар берган.