Ўзбекистонда иссиқлик туфайли электр энергиясида икки соатлик ўчиришлар жорий этилди

Бу вақтинчалик чоралар ускуналарни шикастланишдан асраш ва тизимда йирик авариялар юзага келишининг олдини олиш учун зарурдир

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр энергияси етказиб беришда чекловлар жорий этилмоқда, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Таъкидланишича, июль ойининг ўрталарида кузатилаётган аномал иссиқ фонида электр энергияси истеъмоли ҳам, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам тарихий рекорд даражага етган.

Хусусан, Ўзбекистон ягона энергетика тизимида ёзги мавсум учун суткалик электр энергияси истеъмоли 16-июль куни 291 млн кВт·соатни ташкил этиб, янги рекорд қайд этилган. Бу ўтган йилги ёзги мавсумда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан 18,4 миллион кВт·соатга ёки 6,7%га кўп.

Шунингдек, 2026-йил 16-июль куни суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 295,4 млн кВт·соатни ташкил этиб, янги рекорд ўрнатилди. Бу 15-июльда қайд этилган 291,4 млн кВт·соатлик кўрсаткичдан 4 млн кВт·соатга ёки 1,37%га кўпдир.

Айрим ҳудудлардаги электр узатиш тармоқларида ўта юклама юзага келишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатли мажбурий чеклов 2 соат жорий этилди, — дейилади хабарда.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Чироқчи туманларидаги 1750 та истеъмолчи, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Зомин туманларидаги 1200 та истеъмолчи, Хоразм вилоятининг Шовот, Гурлан ва Қўшкўпир туманларидаги 1 300 та истеъмолчи, Тошкент вилоятининг  Тошкент  ва Зангиота туманларидаги 1000 та истеъмолчи вақтинча электр таъминотидан узилди.

Ўзбекистон