Ўзбекистонга Россиядан юборилган шоколад ниқоби остидаги «гашиш» моддаси аниқланди
Ҳозирда фуқарога нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди

Ўзбекистонга хориждан олиб келинган гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Жумладан, Хоразм вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Урганч шаҳрида яшовчи 1997 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Урганч халқаро аэропортида Россия Федерациясидан юборилган жўнатмани қабул қилиб олган вақтида тўхтатилиб текширилади.
Натижада, ушбу жўнатма ичида турли хил ширинликлар орасига шоколад ниқоби остида қадоқлаб, яширилган 538 гр «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлади.
Ҳозирда фуқарога нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида унинг шерикларини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.





