Ўзбекистонда жазирама кунларда электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди
Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд янгиланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, 16-21 июль кунлари давом этган аномал иссиқ об-ҳаво даврида Ўзбекистон энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли ва юкламаси бўйича биринчи марта ёзги истеъмол ҳажми қишги истеъмол ҳажмини ортда қолдирди.
Хусусан, 18 июль куни истеъмол ҳажми 272,6 млн киловатт-соатга етиб, бу кўрсаткич қишки максимум (271,8 млн кВт/соат) ва аввалги ёзги рекорд (253,3 млн кВт/соат)дан ошиб кетди.
Шунингдек, 21 июль куни соат 17:00 да тизимнинг максимал қуввати 13,3 гигаваттни ташкил этди. Бу ҳам қишки рекорд (12,5 ГВт), ҳам 2024 йил июль ойи бўйича аввалги энг юқори кўрсаткич (11,8 ГВт)дан юқори бўлди.
Энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида кузатилди. Бу ерда:
• суткалик истеъмол 32,4 млн кВт/соатни ташкил этди (бу 2024 йилдаги максимал кўрсаткичдан 33% га юқори);
• энг юқори юклама соат 14:52 да 1 811 МВтни ташкил этди (2024 йилда 1 680 МВт);
• жорий истеъмол даражаси ўтган йилга нисбатан 7,6% га, ой бошидан эса 11% га ўсган.
Истеъмол юқори бўлган пайтларда тармоқларда узилишларнинг олдини олиш мақсадида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг филиаллари томонидан аварияга қарши бригадалар ташкил этилган.
Шунингдек, аҳоли ва бошқа истеъмолчилардан электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш сўралмоқда.