Шавкат Мирзиёев Италия Бош вазири билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтда тўхтаган Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони билан учрашув ўтказди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон – Италия стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Хусусан, 2025 йилнинг май ойида Самарқандда олий даражада эришилган келишувларнинг изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этаётгани билдирилди. Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналарнинг сони барқарор ўсиб бормоқда. Ҳудудлараро, шу жумладан, Ломбардия билан алмашинувлар ривожланмоқда. Ўзбекистон фуқароларининг тартибли меҳнат миграцияси учун квоталар ажратилган.

Жорий йилда ташқи сиёсат идоралари стратегик мулоқоти ва ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишлари, шунингдек, иккинчи Ректорлар форумини ўтказиш режалаштирилган.

Тўқимачилик саноати, геология, энергетика, кимё, қурилиш материаллари, молия бозори ва бошқа устувор соҳалардаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Бош вазири Жоржа Мелонини Ўзбекистонга алоҳида ташриф билан келишга таклиф қилди.

Ўзбекистон