Измирда ўрмон ёнғинлари юз берди

Туркиянинг Измир вилоятида 2 жойда ўрмон ёнғини содир бўлди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.

Газиэмир туманидаги чиқиндихонада бошланган ёнғин шамол таъсирида ўрмон ҳудудига тарқалган. Мендерес ва Сефериҳисар туманлари чегарасида ҳам ўрмон ёнғини қайд этилган. Кучли шамол сабабли ёнғинларни ўчириш ишлари қийинлашган.

Вилоят ҳокими Сулаймон Элбан берган маълумотга кўра, ёнғинлар туфайли Сефериҳисардаги Отатурк, Жумҳурий, Орҳанли, Паямли ва Кавакдере маҳаллалари эвакуация қилинган. Шамол тезлиги соатига 117 км.гача етаётгани боис кўплаб ҳаво техникалари ишлай олмаган.

Ёнғин оқибатида кўплаб автомобиллар ёниб кетган, айрим йўллар ёпилган, Газиэмир туманида жойлашган Аднан Мендерес аэропортида вақтинча парвозлар тўхтатилган.

Қишлоқ ва ўрмон вазири Иброҳим Юмакли маълумотига кўра, мамлакат бўйлаб 1 июндан бери 1459 та ўрмон ёнғини рўй берган. Ёнғинларнинг келиб чиқишига электр тармоғи сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Расмийларга кўра, ҳалок бўлганлар йўқ, баъзи фуқаролар енгил даражада думандан заҳарланган. Ёнғинларни ўчириш ишлари давом этмоқда.

Жаҳон