Украинада «қулликда» сақланган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилади
19 сентябрь куни Украинанинг Киев вилоятида бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароси мажбурий меҳнатга жалб қилиниб, қулликда сақлангани ҳақида хабар берилган эди.
Вазиятга Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси изоҳ берди.
Айни пайтда барча фуқароларимизнинг соғ-саломатлиги аниқланиб, уларни тегишли тиббий муолажа қилиш учун Киев вилоятидаги маҳаллий шифохоналардан бирига жойлаштирилган, — дейилади хабарда.
Шунингдек, элчихона томонидан фуқаролар билан боғлиқ бўлган вазият тўлиқ назоратга олиниб, уларни Ўзбекистонга қайтариш учун барча керакли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтилди.
Шу жумладан, ўзбекистонликларга тегишли консуллик ва ҳуқуқий ёрдамни амалга ошириш мақсадида Украина ТИВ ва Бош прокурори офисига тегишли ноталар юборилди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш очилиб, гумонланувчилар устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда.
Элчихона фуқароларни, Украинада инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар кузатилаётгани боис Ўзбекистон фуқароларидан ўз хавфсизлигини инобатга олган ҳолда мазкур мамлакатга айни вақтда ташрифларни режалаштирмасликларини тавсия қилди.