Жанубий Африкада совуқ ҳаво оқибатида 49 киши ҳалок бўлди

Жанубий Африка Республикасида ноқулай об-ҳаво натижасида камида 49 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Совуқ ҳаво оқими мамлакатнинг Шарқий Кейп вилоятида кучли ёмғир ва қор ёғишига олиб келган, бу эса сув тошқинлари ва кўчкиларни келтириб чиқарган.

Қайд қилинишича, Энг катта талафот ОР Тамбо муниципал округида кузатилган. Мактаб автобусининг кўприкдан дарёга қулаб тушиши оқибатида тўрт ўқувчи ҳалок бўлган, яна тўрт нафар бола бедарак йўқолган.

Вилоят раҳбари Оскар Мабуяне ҳалок бўлганлар сони ортиши мумкинлигини билдирган.

Шарқий Кейпда 58 та мактаб ва 20 та тиббиёт муассасаси зарар кўрган, 500 га яқин фуқаро вақтинчалик бошпаналарга кўчирилган. Юз минглаб хонадонлар электр таъминотисиз қолган.

Синоптиклар 9 июндан бошлаб кузатилаётган совуқ ҳаво оқими мамлакатда сўнгги ўн йилликдаги энг кучли қишлардан бирига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Жаҳон