Россия дрон ҳужумлари оқибатида Украинада энергетика объектлари зарар кўрди
Россия 16 июлга ўтар кечаси Украина бўйлаб кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ҳужумда 400 та дрон ва бир баллистик ракета учирилган. Украина расмийларига кўра, зарбалар асосан Харкив, Кривой Рог ва Винница шаҳарларига қаратилган бўлиб, камида 15 киши тан жароҳати олган.
Президент Владимир Зеленскийга кўра, ҳужумлар Украинадаги энергетика инфратузилмасини нишонга олган. ДТЕК энергетика компаниясининг хабар беришича, Кривой Рог ва Днепропетровск вилоятининг айрим ҳудудларида 80 мингга яқин хонадон электр таъминотисиз қолган.
Украина ҳаво кучлари ҳужумларнинг асосий қисмини тўхтатишга муваффақ бўлганини билдирган бўлса-да, 57 дрон ва бир ракета 12 та нишонни урган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Винница вилоятида 8 киши жароҳатланган. Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски ҳудуддаги Barlinek Group ёғоч қоплама заводи уч йўналишдан келган дронлар томонидан нишонга олинганини айтиб, бу ҳужумни атайлаб қилинган дея баҳолади.
Кривой Рог ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Вилкул Россия кучлари 28 та дрон ва ракета билан узоқ давом этган ҳужум уюштирганини айтди. Айрим ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ҳам узилган. Ҳужумлар натижасида 17 ёшли ўсмир оғир жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.
Харкив вилоятида эса 20 дақиқа ичида 17 та портлаш қайд этилган. Ҳудудий раҳбар Олег Синегубовга кўра, дрон ҳужумлари оқибатида 3 киши жароҳатланган.
Киевда ҳам ҳаво мудофааси тизими ишга тушган, бироқ талофатлар ҳақида хабар берилмаган.
Зеленский Россиянинг доимий ҳаво ҳужумларига жавобан Украина ҳаво мудофасини кучайтиришга чақириб, кўпроқ дронлар, кўпроқ ҳаво мудофааси ва қатъий қаршилик зарурлигини таъкидлаган.