«Адолат» партияси табиатга жиддий зарар етказганлик учун жиноий жавобгарликка тортишни таклиф этди

«Адолат» социал-демократик партияси Ўзбекистонда атроф-муҳитга жиддий зарар етказганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ташаббус билан чиқди.

Партиянинг қайд этишича, Тошкент шаҳрида сўнгги вақтларда кузатилаётган экологик вазият, ҳаво сифатининг ўзгариши ва унинг аҳоли саломатлигига салбий таъсири кечиктириб бўлмас, қатъий ва тизимли чораларни талаб этади.

Жумладан, Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон айни вақтида қабул қилинган ҳаётий ҳужжат бўлгани билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, фармонга кўра Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия тузилиб, атмосфера ҳавосини яхшилашга қаратилган кенг қамровли чораларни кўрилиши белгиланган.

Тан олиш керак, экологик муаммоларни фақатгина маъмурий чекловлар ва комиссия қарорлари билан тўлиқ ҳал этиб бўлмайди. Бу жараёнда қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги тамойили ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — деб таъкидлаган партия.

Натижада, «Адолат» социал-демократик партияси ўзининг Сайловолди дастурида атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш масаласини устувор вазифа сифатида белгилагани маълум қилди.

Партия фармонда белгиланган устувор мақсадларга эришиш йўлида йўл харитасини ишлаб чиқиб, ушбу чора-тадбирлар доирасида қуйидагиларни амалга оширишни режалаштирган:

•  бугунги кунда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун белгиланган жарималар ва маъмурий чоралар кутилган натижани бермаётгани сабаб, экология соҳасидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ва кескинлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

• дарахтларни ноқонуний кесиш, яшил ҳудудларни йўқ қилиш, ҳаво ва сувни қасддан ифлослантириш ҳолатлари учун фақатгина жарима ёки маъмурий жазо эмас, балки озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жиддий жиноий жавобгарликни белгилаш;

• электоратнинг барча вакиллари билан учрашувлар ва давра суҳбатларида мамлакатдаги атроф-муҳитни асраш ва атмосфера ҳавосини яхшилашда нафақат давлат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари балки барча фуқароларимиз ҳам фаол иштирок этиши борасида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш.

Бу – қонунчиликдаги бўшлиқ ва ўз навбатида, атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига нисбатан адолатсизликдир, бундай қилмиш оддий ҳуқуқбузарлик эмас, балки оғир жиноят сифатида баҳоланиши зарур, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, халқаро тажрибада ҳам экотизимнинг издан чиқишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар оғир жиноят сифатида баҳоланади. Европа иттифоқи ҳудудида содир этилган экологик жиноятлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 40 млн. еврога қадар жиноий жаримага тортиш жазоси белгиланган.

Шунингдек, Россия Федерацияси, қўшни қардош давлатларда ҳам атроф-муҳитга зарар етказганлик учун кескин жазо чоралари белгилангани таъкидланди.

 

Жаҳон