Ўзбекистонда 5,2 мингта маҳаллада олти ой давомида жиноят қайд этилмагани маълум қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль куни маҳаллаларда жиноятчиликни камайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда йил бошида имзоланган Президент қарорига мувофиқ, ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш устувор вазифа этиб белгилангани эслатилди. Шу асосда ишлаб чиқилган «йўл хариталари» орқали профилактика тизими жорий қилиниб, 5,2 мингта маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмагани маълум қилинди.
Шу билан бирга, криминоген вазияти оғир ҳудудлар ҳануз мавжудлиги, бу ерда тезкор хизматлар фаолиятини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Жиноятчиликдан холи маҳаллаларни шакллантириш вазифаси белгиланди.
Тақдимотда гиёҳвандлик ва кибержиноятчилик муаммолари ҳам кўтарилди. Жиноятларнинг 42% и айнан кибержиноятларга тўғри келгани айтилди. Бу борада Президентнинг 30 апрелдаги қарорига мувофиқ, зарур чоралар белгиланди.
Шунингдек, Ички ишлар ходимлари тайёрлигини ошириш, Академия фаолиятини такомиллаштириш, замонавий хавфларга мос таълим дастурларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Қайд қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзаро ҳамкорликда ишлашда давом этмоқда. Жиноятларнинг сабаблари таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш ва жиноятчиликни кескин камайтириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.