Taftish.uz номи остида товламачилик ва фирибгарлик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ аъзолари ҳақида тафсилотлар маълум бўлди

Taftish.uz номи остида товламачилик ва фирибгарлик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Элита-медиа МЧЖга қарашли Taftish.uz вакиллари юқорида таъкидлаганимиздек, жамоатчилик назорати каби адолат пардасини ниқоби ортида жиноий гуруҳ тузиб, товламачилик ва фирибгарлик содир этиб келганлар. Булар, жиноий гуруҳ етакчиси, Taftish.uz нинг норасмий раҳбари 1988 йилда туғилган Ғ. А, жиноий гуруҳ аъзолари, мухбирлик лавозимида ишлаганлар 1992 йилда туғилган А.Ю, 2000 йилда туғилган С. Ҳ, 2006 йилда туғилган М. Э ҳамда 1998 йилда туғилган Д.Н лардир, — дейилади хабарда.

Жиноий фаолиятини даромад манбаига айлантириб олган жиноий гуруҳ, мурожаатчиларни алдаш билан бир қаторда, фуқароларни обрўсизлантирувчи ёки бошқа усулда шарманда қилувчи видеоларини тарқатиш билан таҳдид қилиб, ёки шундай видеоларни интернет орқали эълон қилинганидан кейин, ўчириб бериш эвазига фуқаролардан пул талаб қилиш билан шуғулланиб келган.

Яъни, келиб тушган мурожаатларни ёритганлиги учун бир тарафдан маблағ олган бўлса, тайёрланган материалларни ўчириб юбориш учун иккинчи тарафдан пул талаб қилишган.

Жорий йилнинг ноябрь ойида жиноий гуруҳ аъзолари «Чилонзор буюм савдо комплекси» раҳбарияти билан мазкур ҳудуддан дўкон сотиб олган фуқаро ўртасидаги келишмовчилик ҳақида бозор маъмуриятини обрўсизлантирувчи видеолавҳа тайёрлаб, жорий йилнинг 5 декабр куни Taftish.uz You Tube каналига жойлаштирилган.

Шундан сўнг, жиноий гуруҳ аъзоларидан бири бозор маъмурияти билан боғланиб, видеони ўчириб бериши учун, 40 млн сўм пул маблағларини тамагирлик йўли билан талаб қилади. Эвазига, видеодаги ҳолат, ўз тасдиғини топмаганлиги тўғрисида Telegram каналда хабар жойлаштиришга ваъда беради.

Ушбу ҳизмат эвазига, бозор маъмурияти, Taftish.uz билан 40 млн сўмга шартнома тузишга мажбурланади. Шу тариқа, талаб қилинган пуллардан 10 млн сўми ташлаб берилади.

Ундан ташқари, фирма фаолияти тўғрисида яна иккита видеоҳолатни тарқатиш билан таҳдид қилиб, компания мудири Taftish.uz офисига чақиртириб, бошқа видеоларни чиқармаслик эвазига, аввалдан икки тадбиркор ўртасида 20 млрд сўмлик шартномани устидан, гўёки қарзи қолгандай кўрсатиб, 1 ой муддатда қўшимча 20 млрд сўм бериш мажбурияти ҳақида тилхат ёздириб олганлар.

Бундан ташқари, тадбиркорнинг катта миқдордаги пул беришга кўнганлигидан сўнг, жиноий гурух алоҳида 60 млн сўм талаб қилиб, жиноий йўл билан олинаётган пулларни ниқоблаш мақсадида 60 млн сўмлик шартнома тузишга мажбур қилишган.

Тадбиркор белгиланган муддатда пулни беролмаганидан кейин тадбиркорни обрўсизлантирувчи видеоларни ўз каналларида тарқатишган.

Ҳозирда, мазкур жиноий гуруҳ аъзолари Жиноят кодексининг 139-моддасида назарда тутилган бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиб, туҳмат қилиш, 168-моддасида назарда тутилган фирибгарлик, 165-моддасида назарда тутилган товламачилик, 2446-моддасида назарда тутилган ёлғон ахборот тарқатиш жиноятларни содир этганлиги аниқланиб, уларнинг барчаси процессуал тартибда ушланган.

Фуқаролардан, ушбу жиноий гуруҳнинг хатти – ҳаракатларидан жабрланган бўлса Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментига 71 2314066 рақами орқали мурожаат қилишлари сўралди.

Ўзбекистон