Хоразм вилоятида камбағаллик даражаси 3,9%га тушди
Йил охиригача 81 минг кишини камбағалликдан чиқариш ва 39 минг фуқарони доимий иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти мисолида мамлакатда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Маълумот учун, давлат раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳудудни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича қатор топшириқлар берилган эди.
Тақдимотда ушбу топшириқлар ижросини ҳар бир маҳалла кесимида таъминлаш, мавжуд имкониятларни аниқ лойиҳалар ва барқарор иш ўринларига айлантириш бўйича ишлаб чиқилган режалар кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 162 минг нафар аҳолининг даромади оширилди, 29 минг киши доимий ишга жойлаштирилиб, 37 минг нафар фуқаронинг норасмий бандлиги қонунийлаштирилди.
Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш доирасида 28,9 мингта оиладаги 126,6 минг нафар аҳолига 40 мингдан зиёд хизмат кўрсатилди. Жумладан, 12,4 минг киши доимий ишга жойлаштирилди, 23,6 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинди, 3,3 минг кишига молиявий кўмак кўрсатилиб, 1,1 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди.
Натижада йил бошидан «Ижтимоий реестр»га киритилган 29 мингта оиладаги 127 минг нафар аҳолининг расмий даромади ва моддий аҳволи яхшиланди. Ушбу оилалар камбағалликдан чиқарилди.
Вилоятда камбағаллик даражаси йил бошидаги 6,7%дан 3,9%га пасайди. Айни пайтда вилоятда 39 минг нафар ишсиз фуқаро бор, 102 минг киши меҳнат миграциясида.
Бандлик соҳасидаги асосий масалалардан бири мавжуд вакансиялар билан иш изловчиларнинг касбий тайёргарлиги ўртасидаги тафовут экани қайд этилди. Айни пайтда 50 мингдан зиёд вакансия мавжуд бўлса-да, зарур малакага эга кадрлар етишмаслиги сабабли уларнинг бир қисми бўш қолмоқда.
Давлат раҳбари касб-ҳунарга ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш ва уни меҳнат бозори эҳтиёжлари билан узвий боғлаш зарурлигини таъкидлади.





