Жаҳонгир Аҳмедов «Ўзбекфильм»нинг 22,9 млн евро миқдорида кредит мажбурияти борлигини маълум қилди

Кинематография агентлиги директорининг сўзларига кўра, солиқлар ва иш ҳақи бўйича ҳам қарздорлик йиғилган

Бугунги кунда «Ўзбекфильм»нинг кредит мажбуриятлари €22,9 млн ни ташкил этади. Бу ҳақда маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди.

Аҳмедов кредит таъминоти сифатида киностудиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари гаровга қўйилганини таъкидлади.

Бугун «Ўзбекфильм»нинг 22,9 миллион евро миқдорида кредит мажбурияти борлигини билармидингиз? Студиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам ушбу кредит учун гаровга қўйилган, — деди Ахмедов.

Бундан ташқари, солиқлардан қарийб 1 миллиард сўмликдан ортиқ қарздорлик тўплангани сабабли, киностудия балансидаги 12 та автомашина 12 кун ичида аукционга қўйилиши хавфи борлиги билдирилди.

Шунингдек, ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар шакллангани таъкидланди.

Киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб туролмайди. Яъни у амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолган, — деб маълум қилди Жаҳонгир Аҳмедов.

Жаҳонгир Аҳмедовнинг сўзларига кўра, «бизнес модели йўқ, бозор механизмига тўлиқ ўтилмаган». Шунинг учун бугунги вазифа студияни шунчаки сақлаб қолиш эмас, уни тубдан ислоҳ қилиш эканлиги таъкидланди.

Молиявий жиҳатдан барқарор, замонавий бошқарувга эга, кучли ижодий жамоаларни бирлаштирадиган, хусусий инвестиция ва халқаро ҳамкорликни жалб қиладиган, ўз маҳсулоти билан бозорга чиқадиган ҳақиқий миллий кино компанияси барпо этишимиз керак, — деб сўзлади кинематография агентлиги директори.

 

Ўзбекистон