Каспий денгизи сатҳи тарихий паст даражага тушгани маълум қилинди
Каспий денгизи сатҳи сўнгги йилларда кузатилмаган даражада пасайиб, тарихий минимумга етди. Бу ҳақда маълумотларга таяниб «ТАСС» агентлиги хабар берди.
Натижаларни Россиянинг Астрахандаги Волга-Каспий балиқчилик тадқиқот институти эълон қилди.
Олимлар денгиз сатҳи Болтиқ денгизи сатҳидан 29 метр пастга тушганини қайд этди. Энг кескин пасайиш Россия ва Қозоғистон билан чегарадош шимолий ҳудудларда кузатилган бўлиб, бу ерда сув орқага чекиниб, катта майдонларда денгиз туби очилган.
Тадқиқотчилар ушбу ҳудуд флора ва фаунага бой бўлгани сабабли экотизим учун жиддий хавф туғилаётганини таъкидлашмоқда. Денгиз сатҳининг пасайишига асосан иқлим ўзгариши фонида буғланиш кучайгани, шунингдек, дарёлардан сув оқими камайгани сабаб бўлган.
Хусусан, Каспийга тушадиган сувнинг 80 фоизини таъминловчи Волга дарёси оқими Россиядаги гидротехника иншоотлари ва суғориш тизимларининг кенгайиши оқибатида камайган. Шунингдек, Урал дарёсидан ҳам камроқ сув келмоқда.
Денгиз сатҳининг бундай пасайиши Каспий экотизимига таҳдид солмоқда. Қимматбаҳо балиқ турлари ва ноёб Каспий тюленлари йўқолиб кетиш хавфи остида. Бундан ташқари, чекинган ҳудудларда туз ва чанг зарралари кўпайиши натижасида атмосфера ифлосланиши хавфи ҳам ортмоқда.