Тошкентда пенсионер аёлга керакли ёрдамни кўрсатмаган ижтимоий хизмат ходимлари ишдан бўшатилди
Ижтимоий ҳимоя агентлигида маълум қилинишича, «Инсон» маркази ва тиббиёт бирлашмаси ходимлари аёлнинг аҳволи ёмонлашганини ўз вақтида аниқламаган ва унинг доимий парваришга бўлган эҳтиёжини белгиламаган

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ижтимоий ходим назоратида бўлган 86 ёшли аёл тегишлича парвариш қилинмагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Ижтимоий ҳимоя агентлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, агентлик ҳудудий бўлинмаси мутахассислари воқеа жойига бориб, ҳар томонлама текширув ўтказганлар.
Ўрганиш давомида маълум бўлишича, фуқарога 2026-йил 11-июн кунидан бошлаб уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизмати учун ваучер шакллантирилган бўлиб, ҳафтасига 4 маротаба хизмат кўрсатиб келинган.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг хулосасига кўра, фуқаро когнитив бузилишлар ва томирли деменция касаллигидан азият чекаётгани аниқланган ҳамда мунтазам шифокор назоратида бўлиб келган.
Фуқаронинг соғлиғини комплекс баҳолаш мақсадида қўшимча тиббий кўрик ташкил этилган. Кўрик якунига кўра, «2-3-даражали дисциркулятор энцефалопатия, когнитив бузилишлар ва томирли деменция» ҳамда «тарқоқ остеохондроз» ташхиси тасдиқланган.
Мутахассислар, шунингдек, фуқаронинг хотира, фикрлаш ва атроф-муҳитда мўлжал олиш қобилияти сустлашиб, мустақил овқатланиш ҳамда кундалик эҳтиёжларини қондира олмаётганини аниқлаган. Кузатув шунингдек, унинг ёлғиз қолганда ўзига ва атрофдагиларга зарар етказиш хавфи юқори эканини кўрсатди (газ жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш, эшикни очиқ қолдириш каби ҳолатлар).
Фуқаронинг доимий парваришга муҳтожлигини инобатга олиб, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан у Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига жойлаштирилган.
Шу билан бирга, туман «Инсон» маркази ва тиббиёт бирлашмаси ходимларидан иборат мониторинг гуруҳи фуқаронинг аҳволи оғирлашиб бораётганини ўз вақтида аниқламагани ва унга доимий парваришга муҳтожлик даражасини белгиламагани сабабли, тегишли масъуллар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.





