Кичик меҳмонхоналар қуриш учун субсидиялар ажратилади

Вазирлар Маҳкамаси қарор билан ҳудудларда кичик меҳмонхоналар қуриш учун давлат томонидан субсидиялар ажратилади. Бу ҳақда «Norma.uz» хабар қилмоқда.

Унга кўра, Давлат бюджетидан туман (шаҳар)ларда кичик отелларни қуриш ва жиҳозлашга сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун бир марталик субсидия ажратилади.

Бунда субсидия янги қурилган (реконструкция қилинмаган) меҳмонхоналар ва кичик отелларга унинг тоифаси ва хоналар сонидан келиб чиқиб, 2025 йил 1 январдан 2026 йил 31 декабргача бўлган даврда мувофиқлик сертификати берилганлари учун ажратилади.

Субсидия олиш учун давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХПга мурожаат қилиш лозим. Республиканинг 22 та туман (шаҳар)ида (меҳмонхона мавжуд бўлмаган) кичик отеллар учун субсидия миқдори хоналарнинг умумий сонига қараб белгиланади:

— хоналар сони 10 тадан кам бўлганда ҳар бир хона учун 10 млн сўм;

— хоналар сони камида 15 та бўлганда, ҳар бир хона учун 15 млн сўм;

— хоналар сони камида 20 та бўлганда, ҳар бир хона учун 20 млн сўм.

Қонун 13.01.2025 йилдан кучга кирди.

Қарорлар