Киевда дрон зарбаси оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди
17 июнь сешанбага ўтар кечаси Россия томонидан Киевга уюштирилган дрон ҳужуми оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди, 44 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Украина ички ишлар вазири Игор Клименко маълум қилди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, пойтахтнинг турли ҳудудларида 27 та жой зарба остида қолган. Улар орасида кўп қаватли турар жойлар, таълим муассасалари ҳамда муҳим инфратузилма объектлари бор.
Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко маълум қилишича, Днипро туманида Shahed русумидаги дроннинг бўлаги турар жой биноси деворига урилган. Бироқ ёнғин чиқмаган ва жабрланганлар йўқ.
Киев мери Виталий Кличко маълумотига кўра, 40 дан ортиқ хонадон вайрон бўлган.
Вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин, қурбонлар сони ортиши истисно эмас, — деди у «Киев» телеканалида чиқишида.
Шунингдек, Соломянский туманида бўлиб ўтган ҳужум вақтида 62 ёшли АҚШ фуқароси ҳалок бўлгани тасдиқланди.
Дарнийтский ва Святошинский туманларида ҳам ёнғинлар юз бергани айтилмоқда. Баъзи туманларда эса автоматик тизимларнинг ишга тушиши оқибатида электр таъминоти узилган. Энергетика бригадалари ҳозирда аварияларни бартараф этиш билан шуғулланмоқда.