Ўзбекистонда китоб ўқиган маҳбуснинг жазо муддати қисқартирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида китоб ўқиган маҳбуснинг жазо муддати қисқартирилиши айтилди. Унда маҳкумларни ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Унда қонунчиликка илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, жамият турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини рағбатлантиришга қаратилган нормаларни киритиш зарурати мавжудлиги айтилди.
Ушбу қонун лойиҳасига кўра, маҳкумларнинг жазо ўташ муддатини ўзини ўзи тарбиялаш орқали тузалиш йўлига ўтганини тасдиқловчи ҳаракатларни бажаргани муносабати билан камайтириш назарда тутилмоқда.
Ушбу лойиҳа билан Жиноят кодексига китоб ўқишга жалб қилиш орқали маҳкумларни ахлоқан тузатиш бўйича янги 74-1-модда киритилмоқда. Унга кўра, фақат жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган маҳкумларга нисбатан тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган тақдирда жазосини 3 кунга қисқартириш назарда тутилмоқда.