Россия Киевга тунда ҳужум қилиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди
2025 йил 23 июнь куни Россия томонидан амалга оширилган тунги ҳужум натижасида Украина пойтахти Киевда камида 4 киши ҳалок бўлди, 13 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати, Украина расмийлари хабар берди.
Ҳужум натижасида турар жойлар, бизнес маркази, мактаб, метро бекати, стадион ва бошқа инфратузилма объектлари зарар кўрган. Қурбонлар сони ошиши мумкин. Ҳозирда қутқарув ишлари давом этмоқда. Вайроналар остида одамлар бўлиши эҳтимоли бор.
Шевченковский туманида айниқса оғир талафот кузатилган — кўп қаватли уйнинг бутун бир подезди вайрон бўлган. Шу ерда 4 киши ҳалок бўлган. ФВДХ 10 нафар жабрланувчини қутқариб олган, уларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда.
Соломенский туманида дрон қолдиқлари нотурар бинонинг томига тушиб, ёнғин келиб чиққан. Шаҳарнинг яна беш нуқтасида ҳужум оқибатида зарар қайд этилган.
Святошинский туманида стадион, турар жой яқинидаги ҳудуд ва нотурар бино зарарланган. “Святошин” метро бекати чиқиш жойи шикастланган, икки киши жароҳат олган.
Дарнитский туманида икки қаватли уйга зарар етган, лекин жабрланганлар йўқ.
Расмийлар маълумотига кўра, барча зарарни бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Воқеа бўйича тафсилотлар аниқлаштирилмоқда.