Россиянинг Киевга уюштирган навбатдаги ҳужуми оқибатида 2 киши ҳалок бўлди

10 июль тонгида Россиянинг Киевга дрон ва ракета ҳужуми оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 19 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Украина президенти Владимир Зеленскийга кўра, ҳужум давомида тахминан 400 дрон ва 18 та ракета ишлатилган. Портлашлар ва зенит-ўт очиш товушлари шаҳар бўйлаб эшитилган, кўплаб уйлар ва автомобилларга зарар етган, айрим ҳудудларда ёнғинлар келиб чиққан.

Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълумотига кўра, шаҳарнинг деярли барча туманларида турар жой бинолари, офислар ва омборхоналар шикастланган. Россия Мудофаа вазирлиги эса ҳужумларда «ҳарбий-саноат объектлари ва ҳарбий аэродромлар нишонга олинганини» билдирган.

Мазкур ҳужум Украина ҳаво мудофаа тизимлари имкониятларини янада босим остига қўяётгани таъкидланмоқда. Қайд этилишича, бу ҳужум Россиянинг 728 та дронни ишга солган рекорд даражадаги аввалги ҳужумидан кейинги кун содир бўлган.

Шу билан бирга, Украина раҳбарияти Римда бўлиб ўтаётган конференцияда иттифоқчилардан қўшимча ҳарбий ёрдам ва иқтисодий инвестицияларни сўрамоқда. Президент Зеленский Европа давлатларини Россиянинг музлатилган активларини Украинани тиклаш йўлида фаолроқ ишлатишга чақирди.

АҚШ эса яқин кунларда Украинага яна артиллерия снарядлари ва ракета тизимларини юборишни бошлаши кутилмоқда. Зеленский АҚШ вакиллари билан янги санкциялар ва қўшимча ҳаво мудофааси тизимлари, жумладан, Patriot комплекслари юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Ушбу воқеа Россия-Украина урушининг тўртинчи йили давом этар экан, уруш жараёнидаги хавфсизлик таҳдидларининг тобора кескинлашаётганини яна бир бор кўрсатмоқда.

Жаҳон