Ўзбекистонда кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими жорий этилади
Ўзбекистонда кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими жорий этилади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Унга кўра, «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди. Фармон билан кўчмас мулк объектларининг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлашнинг замонавий усуллари ва механизмларини жорий этиш ва кенг қўллаш, аҳоли ва тадбиркорларнинг иқтисодий активлари ўсиб бориши учун қулай шарт-шароит яратишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
• республикадаги мавжуд 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жойлар, 7 миллионга яқин ер участкаларининг иқтисодий актив сифатидаги қийматини аниқлаш;
• кўчмас мулк объектининг солиқ солиш, олди-сотди қилиш, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бошқа ҳолатлар учун аниқланадиган қиймати ўзаро мутаносиб бўлишини таъминлаш;
• кўчмас мулк бозорига оид ишончли, тўлиқ ва даврий равишда янгиланиб борадиган ахборот базани яратиш;
• солиқ солишда адолатлилик тамойилини янада кенг жорий этиш.
Шунингдек, 2025 йилдан босқичма-босқич барча кўчмас мулк объектлари уларнинг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлаш мақсадида даврий равишда оммавий баҳолашдан ўтказилади.
Оммавий баҳолаш ишлари қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
• 2025–2026 йилларда – эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида;
• 2026–2027 йилларда – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида;
• 2027 йил ва ундан кейинги йилларда – қолган ҳудудларда.
Бундан ташқари фармон билан Кадастр агентлиги ҳузурида Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази ташкил этилади.
Қуйидагилар ҳам белгиланди:
• Иқтисодиёт ва молия вазирлиги – кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган этиб;
• Кадастр агентлиги – кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида махсус ваколатли орган этиб;
• иллий марказ – кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ижро этувчи орган этиб.
Оммавий баҳолаш тизимини норматив-ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан таъминлаш учун «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиёти» белгиланган тартибда тасдиқланади.