Комил Алламжоновга қуролли ҳужумда гумонланган яна 3 киши ушланди

26 октябрь куни Қибрайда 2 нафар шахс Комил Алламжоновнинг автомашинасига ўқ узиб, номаълум жойга яширинган. Бу ҳақида Бош прокуратура хабар берди.

Унга кўра, фуқаро С.С бошқарувидаги «Range Rover» русумидаги машинага қарата 2 нафар номаълум шахс ўқ отар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, қасддан одам ўлдиришга уринган.

Ўтказилган тезкор қидирув тадбири давомида жиноятга алоқадор 3 нафар шахс аниқланиб, гумонланувчи сифатида ушланди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248- (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

27 октябрь куни эрталаб Бош прокуратура бир гумонланувчи ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

Жамият