Россияда ўзбекистонлик санъаткорнинг концертида катта рейд ўтказилди

Россиянинг Краснояр ўлкасида ИИВ бош бошқармаси ходимлари, ўзбек эстрада қўшиқчиси Жалолиддин Аҳмадалиевнинг концертини тўхтатиб, барча мехмонлар устида текширув ўтказди.

Қўшиқчининг концерти «Корона» ресторанида бўлиб, у ерда 600 дан ортиқ меҳмон тўпланган эди. Бироқ концерт бошланиши биланоқ тўхтатилди ва барчадан ҳужжатларини тақдим этиш сўралди. Текширувлар хизмат итлари ёрдамида олиб борилди.

Ушбу текширув, мамлакатга ноқонуний равишда кириб келган хорижий фуқаролар, шунингдек, наркотик моддалар муомаласига алоқадор бўлиши мумкин бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида ўтказилгани таъкидланмоқда.

Полиция 620 кишини текширди, улардан 210 нафари хорижлик бўлиб, барчасидан тақиқланган нарса ёки моддалар топилмаган. 26 нафар фуқаро қўшимча тергов ўтказиш учун ИИВ Емеляновский туман бўлимига олиб кетилди. Улардан 8 нафари Россияда ноқонуний бўлганлиги аниқланган.

Ҳаммаси бўлиб, полиция ходимлари РФ да бўлиш қоидаларини бузганлик учун 19 та маъмурий баённома туздилар. Шунингдек, сохта рўйхатга олиш бўйича 3 жиноий иш очилган.

Жаҳон