Kонтрабанда йўли билан олиб келинган 48 кг’дан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинди
Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудларида гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб киришга уринишлар бартараф этилди, дея хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, Денов туманида истиқомат қилувчи илгари судланган шахс Тожикистондан наркотик моддаларни яширин йўллар орқали олиб келиб, сотиш билан шуғулланиб келгани аниқланди. Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида 576 грамм «героин», 2 кг 447 грамм «опий», 1 кг 913 грамм «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, ушбу фуқаронинг 1956 йилда туғилган отаси (илгари ҳам гиёҳвандлик савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган) яшаш хонадонидан 9 кг 62 грамм «гашиш», келиб чиқиши номаълум 137 460 АҚШ доллари, 569 млн 832 минг сўм пул маблағлари топилди.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида унинг 1980 йилда туғилган акаси ва 1987 йилда туғилган жиноий шериги ҳам қўлга олинди. Жиноий шерикнинг уйидан эса келиб чиқиши номаълум 159 400 АҚШ доллари мусодара қилинди.
Рейдлар Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида давом эттирилди. Ходимлар Наманганга кетаётган автобусни тўхтатишди. Икки йўловчининг сумкаларидан Қирғизистондан олиб келинган 19 килограмм 915 грамм «гашиш» моддаси борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда), 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш) бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.