2025 йили 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши кутилмоқда

Президент раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Охирги уч йилда жисмоний шахслар кўп қаватли уй қуриш учун аукциондан 47 гектар ер сотиб олган, лекин аксариятида қурилиш бошланмаган. Қурилишга салоҳиятли девелоперларни жалб қилиш мақсадида бундан буён кўп қаватли уй қуриш учун ерлар аукционда фақат ҚҚС тўловчи юридик шахсларга сотилиши белгиланди.

Ҳозирда 14 минг 775 та кўп қаватли уйларга туташ ер мулкдорга бириктирилмагани учун бошқарув-сервис компанияси хизмат кўрсатиши керак бўлган ҳудудлар чегараси аниқ эмас. Мутасаддиларга бу уйларга туташ ерлар чегарасини белгилаш ва эгасига бириктириш топширилди.

Девелоперлар уйни топширишдан олдин сервис компаниялари билан шартнома тузишини, уларни ўқитишни ташкил этишини, қурилиш харажатларининг 2 фоизини уй атрофида яшил ҳудуд яратишга йўналтиришини қонун билан мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

2025 йилда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисоб-китоб қилинган. Бунга қўшимча 15 минг хонадон Янги Тошкентда барпо қилинади ва бу уйларда “яшил” энергиядан фойдаланилади.

Энергия барқарорлигини таъминлаш учун хусусий шериклик асосида 100 мегаватт-соат сиғимли электр сақлаш қуввати ўрнатилади. Янги Тошкентдаги уйларни иситиш ва совитиш марказлашган тригенерация тизими орқали бўлади.

Қарорлар