Тошкент вилоятида кўприкнинг бир қисми ўпирилиб тушди

8 март куни Тошкент вилояти, Янгиёул тумани Байтиш маҳалласидан ўтувчи кўприкнинг бир қисми ўпирилиб тушди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Маълумотга кўра, кўприк Нурафшон – Оққўрғон – Янгиёул автомобиль йўлининг 58-километрида жойлашган. Ҳодиса содир бўлган вақтда кўприкда на фуқаролар, на транспорт воситалари бўлган.

Янгиёул тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, 1975 йилда қурилган ушбу кўприк таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Шу сабабли, уни таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Таъмирлаш ишлари тугагунга қадар транспорт воситалари учун айланма йўналишлар ташкил этилди:

— Тўйтепа – Оққўрғон – Янгиёул – Тошкент йўналиши бўйича 10B043 маҳаллий йўли орқали ҳаракатланиш тавсия этилади (масофа – 7 км).

— Тўйтепа – Оққўрғон – Чиноз йўналиши бўйича D007 давлат йўли орқали ҳаракатланиш мумкин (масофа – 8 км).

Тошкент