Жанубий Кореяда разведка раҳбари ҳибсга олинди
Жанубий Корея полицияси ҳарбий ҳолат жорий этилиши бўйича олиб борилаётган тергов доирасида ҳарбий разведка қўмондонлигининг амалдаги ва собиқ раҳбарларини ҳибсга олди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.
Полициянинг махсус тергов гуруҳи ҳозирги қўмондон генерал майор Мун Сан Ҳо ва қўмондонликнинг собиқ раҳбари Ноҳ Сан Вонни ҳибсга олганини маълум қилди, дейилади хабарда.
Мун президент Юн Сок Ёл кутилмаганда ҳарбий ҳолат эълон қилганидан сўнг Квачхондаги Миллий сайлов комиссияси идорасига қўшин юборганликда гумонланмоқда. Армия воқеа жойига икки дақиқада етиб келгани сабабли, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Муннинг президент ҳарбий ҳолат эълон қилиш ниятидан хабардор бўлгани ёки уни жорий этишда иштирок этгани ҳақида тахмин қилмоқда.
Ҳозирги ҳарбий разведка бошлиғи собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Ҳьюннинг яқин ҳамкори ҳисобланади. Тергов маълумотларига кўра, у Юнни ҳарбий ҳолатни жорий этишга тайёрлаганликда гумонланмоқда. Полиция иккала раҳбарни сўроқ қилиш учун 48 соатгача ушлаб туриши мумкин. Агар суд бу вақт ичида расмий қамоқ ордерини бермаса, Мун ва Ноҳни озод қилиш шарт бўлади.