2024 йилда ҳоким ёрдамчилари 309 та коррупцион жиноят содир қилди
20 январь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров 2024 йил Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2024 йилда жами 6 минг 898 нафар шахс томонидан 5 минг 716 та жиноят содир этилган. 2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Сув хўжалиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда банк соҳасида камайган. Олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида эса ошган. Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича сақланиб қолмоқда.
Хусусан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимида 2024 йилда 309 та коррупцияга оид жиноятлар ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан боғлиқ ҳолда содир этилган.
Ҳудудлар кесимида коррупцияга оид жиноятлар Тошкент вилоятида, Тошкент шаҳрида ва Самарқанд вилоятида энг кўп содир этилган. Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида коррупциявий жиноятлар кам содир этилган.