Тошкентда коттеж савдоси билан боғлиқ товламачилик учун ака-ука ушланди

Ҳозирда ака-ука қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят иши қўзғатилган

Тошкентда коттеж савдоси билан боғлиқ товламачиликка чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар беради.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1979 й.т, муқаддам судланган шахс ҳамда унинг 1988 й.т. укаси ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаро томонидан Тошкент туманида қурилган коттеж уйни 66 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишишган.

Дастлаб улар уй эгасига 30 минг АҚШ доллари бериб, қолган 36 минг долларни 6 ой муддат ичида беришларини айтишган ҳамда 2022 йилнинг май ойида коттежни 1976 й.т. ўз акаси номига нотариал тартибда расмийлаштириб олишган.

Аммо, кейинчалик ака-ука қолган 36 минг долларни бермасликларини айтиб, агарда пулни сўраса, фуқарога нисбатан тазйиқ ўтказиш билан қўрқитишган.

Натижада ака-ука қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон