Тошкент вилоятида кредит олиб беришни ваъда қилиб пора олганлар ушланди

Тошкент вилоятида $3 млн миқдорда кредит ажратишни ваъда қилиб, пора олган икки фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида савдо билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари, илгари судланган шахс Қибрай туманида яшовчи фуқарога таниш мансабдорлар орқали тижорат банкларидан биридан $3 млн кредит олиб беришини ваъда қилган. Бунинг эвазига кредит суммасининг 33% и — $990 минг миқдорида пул талаб қилган.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, ушбу шахс олдиндан $150 минг олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, бу жиноятни ташкил этган Урганч шаҳрида яшовчи шахс ҳам ушланган. У ўзини банк ходими сифатида таништириб, кредит маблағини ажратишни ваъда қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ўзбекистон